“PROlogue” қисқа метражли филмлар фестивали

Добавлено: 21 Ноябр 2015 15:27
“PROlogue” қисқа метражли филмлар фестивали

PROlogue – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли филмлар Республика фестивали

 

Кинематография соҳасида ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб – қувватлаш ва кенг жамоатчиликка танитиш, ёш ижодкорларнинг профессионал малакасини ошириш, катта экранларда ўз ижодини намойиш этишига йўл очиб бериш мақсадида жорий йилнинг 16-21 ноябр кунлари  “Ёшлар ижод саройи”да  “PROlogue” фестивали ташкил этилди.

Фестивалда иштирок этиш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи профессионал ва ҳаваскор ёш киноижодкорлар томонидан 15 октябрга қадар 100га яқин ариза келиб тушди.  Тажрибали киноижодкорлар – режиссёр Умид Ҳамдамов, киношунослар Феруза Нодирова, Элмира Хасанова ва Сабоҳат Ҳайитматовадан таркиб топган фестивал Саралаш комиссияси филмлар кўригини ўтказди ва улардан 20тасини фестиваль асосий дастурига тавсия этди.

16-21 ноябр кунлари “Ёшлар ижод саройи”да асосий кўрик дастурига кирган филмлар намойиши ташкил этилди ва 21 ноябр куни Фестивал ғолиблари тантанали равишда тақдирландилар. Фестивал ғолиблари профессионал киношунослар, режиссёрлар, актёрлар, операторлар каби малакали мутахассислардан иборат Ҳакамлар ҳайъати йиғилишида аниқланди. Тайёрланган фильмлар 21 ноябр куни ўтказилган ғолибларни тантанали тақдирлаш маросимида намойиш этилди.

“Ўзбекфилм” АЖ актёрлар бўлими ғолиблар қаторидан жой олган Ҳожиматов Достон ва Алиқулов Машраб ҳамкорлигида 15 дақиқали  “Такси” филмларига актёрларни таъминлаб беришда яқиндан ёрдам берди. Ушбу филмларга таниқли актёрлардан  Анвар Кенжаев, Алишер Отабоев, Шерали Ортиқов, Фотима Орипова, Шерозий Мумтоз ва Шохрух Назаровлар жалб этилди. Филм сюжетида кундалик ҳаётда юзага келиши мумкин бўлган воқеаларга бағишланган бўлиб,  бир машинага бир – бирига ўхшамаган тақдирга эга инсонларни чиқиши ва ҳайдовчининг йўловчиларни кузатиши акс этган. Совриндор ижодкорлар “Ўзбекфильм” АЖ маъмуриятига яқиндан ёрдам берганликлари учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.