preview

Ўзбекистон Кинематография агентлигида Ўзбекистон ва Тожикистон киноижодкорлари ҳамкорлигида янги кинолойиҳаларни яратиш бўйича онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда ҳар икки давлатнинг таниқли киноарбоблари, олим ва ёзувчилари иштирок этишди.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, «Тожикфильм» давлат муассасаси раҳбари Маҳмасаид Шоҳиён ҳамкорликда амалга оширилажак лойиҳаларнинг аҳамияти, келгусидаги режалар хусусида сўз юритишди. Таъкидланганидек, 10-12 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи давомида барча соҳалар қатори маданий алоқаларни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ташриф асносида ўзбек киноусталари томонидан яратилган «Илҳақ» бадиий фильми, “Абдураҳмон Жомий”, “Ягона осмон остида”, “Халқ юраги” ҳужжатли фильмлари намойиш қилинди. Мазкур фильмлар тожик кино мухлислари томонидан самимий қабул қилинди.

Президентимиз ушбу ташриф давомида Тожикистонда ўтказилган ўзбек киноси кунлари муваффақиятли ўтганини қайд этиб, буюк аждодларимиз – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм яратиш вақти келганини таъкидлади. Бу таклиф Тожикистон раҳбари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Онлайн анжуманда ҳам айнан шу масалага алоҳида аҳамият қаратилди. Дарҳақиқат, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган. Бир қатор ҳужжатли фильмлар суратга олинган. Аммо, шу пайтга қадар яратилган экран ва саҳна асарларида бу икки улуғ мутафаккир дўстлиги етарлича ёритилмаган.

Сўзга чиққанлар бу мавзуда яратиладиган бадиий фильмда тарихий, илмий ва адабий манбалардан мавзуга доир маълумотларни тўплаш ва саралаш, икки буюк мутафаккир муносабатлари тимсолида ўзбек ва тожик халқларини асрлар давомида бир-бирига чамбарчас боғлаб келган дўстлик ва қардошлик ришталарига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидладилар. Анжуманда даставвал ҳар икки мамлакатнинг олимлари ва ижодкорлари орасидан мавзуга доир адабиётлар, маълумотларни саралаш учун ижодий гуруҳни шакллантириш лозимлиги қайд этилди. Мазкур маълумотлар асосида ўзбек ва тожик киноижодкорлари томонидан сценарий яратилади, кейинги босқичда эса, режиссёр ва актёрлар аниқланади. Бу борадаги ишларнинг боришини қатъий назорат қилиш мақсадида ҳар ҳафтада мунтазам равишда икки давлат киноарбоблари иштирокида онлайн мулоқот ўтказиб боришга келишиб олинди.