17 декабрь – Миллий кинематография куни бўлиб ўтади
Республика Ёшлар ижод саройида Маданий мерос ҳафталиги ва «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV халқаро Конгресснинг учинчи куни “Ўзбекистон кинематографияси: ўтмиш, бугун, келажак” мавзусида ижодий кеча ўтказилади.
Мазкур ижодий кунда “Халқаро кинолойиҳалар”, “Устозлар устози” ва “Катта пландаги киномерос” бўлимлари асосида ўзбек ва жаҳондаги тажрибали кинематографистларнинг долзарб мавзулардаги маърузалари тингланади.
Жумладан, маҳоратли режиссёр Джаник Файзиевнинг “Буюк Ипак йўли” лойиҳаси ва ўзбек киносидаги копродукциялар”, Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудовнинг “Парининг совғаси”, Валдис Пельшнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Янги Ренессансга назар” лойиҳаси, таниқли продюсер Александр Кесселнинг “Қуёш лаззати” фильми тақдимотлари ва онлайн видеомурожаатлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Ушбу кун Джаник Файзиев ҳамда Валдис Пельш билан халқаро меморандум имзоланади. Республика Кинофонди директори Элжон Аббасовнинг ўзбек кино санъати тарихига оид ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган фотографиялар жамланмаси тақдимоти бўлиб ўтади.
Дастурга кўра, 16:30 да “Ўзбеккино” МА буюртмасига биноан “Fox music cinema” студияси томонидан суратга олинган, режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг икки минг қўшиғи” бадиий фильмининг катта премьераси бўлиб ўтади. Премьерада фильм ижодкорлари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.