"Ўзбеккино" Миллий агентлиги қатор тадбирлардан сўнг 2030 йилгача маҳаллий кино тармоғини ривожлантириш концепциясининг жамоатчилик муҳокамасини якунлади.

preview

Мамлакатимиз кино саноатини ислоҳ қилиш бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ПҚ-3880 қарорида баён этилган эди. Шунга мувофиқ, янги дастур лойиҳасининг биринчи муҳокамаси жорий йилнинг 30 январидаёқ бўлиб ўтди. Кейинчалик маҳаллий кино соҳасини янада ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжат таҳлили ва муҳокамаси фаол давом эттирилди. Концепция муҳокамаси моҳир режиссёрлар, таниқли кино ва санъат арбоблари, аниматорлар, ёш киноижодкорлар, журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида турли сайтларда ва турли форматларда бўлиб ўтди. Дастур лойиҳаси профессионал даражада муҳокама қилиниши учун махсус телеграм каналларга ҳам жойлаштирилди. Сўнгги бир неча ҳафтада эса бу борадаги тадбирлар жуда қизғин тус олди: муҳокамалар ва мунозаралар очиқ танқидий, таҳлилий ва амалий таклифлардан ҳоли бўлмади. Барча таклифлар кўриб чиқилиб, ҳужжат лойиҳасига киритилди. Кўп сонли учрашув ва муҳокамалар, ўтган ҳафта бўлиб ўтган “2030 йилгача кино саноатини ривожлантириш дастури”нинг якуний лойиҳаси тақдимоти билан якунланди. Концепция лойиҳаси очиқ овоз бериш йўли билан бир овоздан қабул қилинди.