preview

"Ўзбеккино "Миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Аюб Шахобиддинов томонидан суратга олинган "Рангсиз тушлар" фильми жорий йилнинг 19 март–3 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Марказий Осиёнинг баҳорги фестивалида иштирок этади.

Фестиваль ташкилотчиси Корея ва Марказий Осиё ҳамкорлик форуми KF котибияти ҳисобланади. Фестивалда Наврўз ҳақидаги қисқа метражли ҳужжатли фильмларга бағишланган тадбирлар, Марказий Осиё киноҳафталиги, K-pop танлови ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

"Рангсиз тушлар" фильмида қамоқдан сўнг озодликка чиққан аёл Кашмиранинг жамиятга мослашишида дуч келган қийинчиликлари ҳақида ҳикоя қилинади. Сценарий муаллифи Умид Ҳамдамов, оператор Азизбек Арзиқулов, рассом Шамшод Ибрагимов, композитор Убайдулло Каримов.

"Рангсиз тушлар" фильми Анападаги "Киношок", Қозоннинг мусулмон кинолари фестивали, шунингдек, Арманистондаги "Фреска" ва Италиянинг "Лукания" ва "Asiatica Film Festival XXI", Индонезиянинг XV Jogja-NETPAC Asian Film Festival ( JAFF ) фестивалларида ҳам иштирок этган.