preview

Режиссёр ва актёр Рашид Маликов томонидан суратга олинган “Сабот” фильми “Аsian film festival Barcelona” халқаро кино фестивалида иштирок этади.
Бу йил Осиё фильмларининг Барселона кинофестивали 19-маротаба ўтказилади ва унда Осиё қитъасининг 25 мамлакатидан: Марказий Осиё, Жануби-Шарқий Осиёдан Океанияга қадар бўлган давлатлар режиссёрларининг киноасарлари намойиш этилади. Фестиваль 2020 йил 28 октябрдан 8 ноябргача давом этади.

“Сабот” фильми ёлғиз яшайдиган қорақалпоғистонлик собиқ совет ҳарбийининг сўнгги кунлари ҳақида ҳикоя қилади. Навбатдаги тиббий кўрикда Саъдулла ўзида саратон касаллиги борлигини билиб қолади. Фурсат ғанимат, яшаши учун эса жуда оз вақт қолган. Лекин энг муҳим нарсалар билан шуғулланиш учун вақт керак: мактабга сув олиб келиш, ўғли билан ярашиш ва собиқ қуролдошини зиёрат қилиш...

– “Сабот” фильми Осиё фильмларининг Барселона кинофестивалида қатнашишидан хурсандман. Ушбу фильм Осиё Оскарига ҳам номзод бўлган. Ўзбек фильмларимиз шундай яхши фестивалларда қатнашаётгани қувонарли ҳол, албатта. Мен ўзбек кинофильмларининг нуфузли фестивалларда муносиб қатнаша олиш салоҳиятига эга эканлигига ишонаман, – дея фикр билдирди фильм режиссёри.